Ўзбекистонга бир қатор дори-дармонларни олиб кириш учун 2 фоиз миқдорида божхона божи жорий этилмоқда. Улар орасида антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи, яллиғланиш ҳамда вирусга қарши, гормонал ва бошқа препаратлар бор.
Ўзбекистонда 59 турдаги озиқ-овқат ва бошқа товарлар, жумладан, гўшт, сут маҳсулотлари, сабзавот ва меваларга импорт божининг ноль ставкаси қўлланиши 2026 йил 1 январгача узайтирилди. Қарор ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Президент қарори билан 2025 йилдан бошлаб икки йил давомида белгиланган талабларга жавоб берувчи комбайнлар ҳамда кўчат кўмиш ва очиш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилинади.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 августгача туризм соҳасидаги тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади. Шунингдек, фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм кўргазмаларидаги павильон ижарасининг 50 фоизи қопланади.
Ўзбекистонга олиб келинган автомобиллар учун божхона тўловлари камайтирилгани улар нархига қандай таъсир кўрсатиши тахминий ҳисоб-китоб қилинди. Жумладан, двигатель ҳажми 1000 куб см гача, нархи 10 минг доллар бўлган автомобилнинг якуний нархи 14 мингдан 12 минг долларгача пасаяди.
Президент фармони билан Ўзбекистонга цемент, фанера, қолип ва бошқа қурилиш материалларини олиб кириш 2025 йилгача божхона тўловларидан озод қилинди. Аввалроқ давлат раҳбари ушбу чора уй-жой қурилиши таннархини пасайтиришга қаратилгани ҳақида айтганди.
Ўзбекистонда 36 турдаги товарларга божхона божининг ноль ставкаси белгилангани баъзи нархлар пасайишига олиб келди. Шоколад, сабзавот ва мева консервалари, мол гўшти арзонлаган бўлса, йогурт, қаймоқ, творог каби сут маҳсулотлари нархи ўзгармади. Чой, кофе, сабзавот, мурабболар нархи бироз ошган.
1 апрелдан барча турдаги маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун 15 фоизлик субсидия берилади, импорт қилинадиган техникалар 3 йил муддатга божхона ва утилизация йиғимларидан озод қилинади. Ускуналар харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
Президент 2024 йилгача 34 турдаги озиқ-овқат ва товарлар — пишлоқ, творог, шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок, беҳи, йогурт, кефир, сут маҳсулотлари, макарон, чўчқа гўшти импортига 2024 йилгача ноль ставка жорий этилишини тасдиқлади. Пиёз, салат барги импортига ҳам имтиёзлар жорий этилмоқда.
Президент фармони билан 2023 йил 1 июлгача балиқ, янги ёки қуритилган цитрус мевалар (лимондан ташқари), маргарин ва бошқа импорт товарлари божхона божидан озод қилиниши белгиланди.
2023 йилга қадар гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби жами 22 та турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона божларидан озод этилади. Қолаверса, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш амалиёти тўхтатиб турилади. Антимонополия қўмитасининг нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш бўйича ваколатлари кучайтирилади.
Президент фармони билан доривор ўсимликларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи оилавий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектлари учун солиқ ва кредит имтиёзлари берилди. Беш йилда 36 минг гектарда доривор ўсимликларнинг янги плантациялари яратилади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар эса 2025 йилгача божхона божидан озод қилинди, ҚҚСни кечиктириб тўлашга рухсат этилиб, ташиш харажатларининг 50 фоизгача қисми қопланиши белгиланди.
Тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади. Қолаверса, хусусий клиникалардан «туризм йиғими» ундириш бекор қилинади.
Президент қарори билан беш турдаги товарлар, жумладан, гўшт, ёғ, ун, совун ва бошқаларни олиб кириш учун божхона тўловлари ставкалари бекор қилинди. Ҳозирда ушбу товарлар учун ставкалар 5% дан 20% гачани ташкил этади.
Президент қарори билан 82 турдаги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божхона божидан озод қилинди. Мазкур ҳужжат давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб қабул қилинди.
Президент қарори билан 2024 йил 1 январгача сунъий мўйна, зиғирпоя ва сунъий толалардан тўқилган газламалар, шиша иплар ҳамда шиша толали матоларга импорт божи қўлланилмайди.
Ҳукумат қарори билан 2022 йил 1 майгача банан, плантайнлар, анжир, ананас, авокадо, манго, гуайява, мангостан, олма, нок, киви ва бошқа цитрус мевалар божхона божидан озод қилинди.
Президент фармонига кўра, қатор товарлар учун 2024 йил 1 январгача божхона божи бекор қилинди. Улар орасига ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, тақиқланмаган ўйин автоматлари, видеоўйинлар учун ускуналар ва боулинг учун автоматик ускуналар, стоматология ва косметология асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари ва бошқа товарлар кирган.
Гўшт, балиқ, сут, тухум, ёғ ва бошқа товарларни мамлакатга импорт қилишда божхона божининг ноль ставкалари 2021 йил охиригача узайтирилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг